Deprecated: mysql_connect(): The mysql extension is deprecated and will be removed in the future: use mysqli or PDO instead in /var/www/vhosts/tashkent.uz/httpdocs/modules/frontend/news.php on line 4
 mirzoulugbek.toshkent.uz Mirzoulugbek.Toshkent.Uz - Эзгуликнинг Мангу Тантанаси
Фотогалерея
Видеогалерея
Эзгуликнинг мангу тантанаси - Бўлимга қайтиш

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 28 февралдаги «2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорини ўқиб...

 Қушлар чуғури кўклам тонги хабарини олиб келди. Дераза тамбаларини бўшатдим. Хонамга мусаффо ҳаво сизиб кираркан, руҳиятимга-да бир тозалик сингигандай бўлади. Аслида ҳар фасл – Яратганнинг инояти, табиат мўъжизаси. Бироқ баҳорга, барибир, ўзгача бир соғинч билан интиламиз.

 Куртаклашга тайёрланаётган дарахтлар орасидан қуёш мўралайди. Зоҳиран унинг йўлу манзили ўзгаришсиз: ҳар куни Шарқдан Ғарбга йўл босади. Ботинан қуёш ҳар куни ўзини ўзи янгилаб боради. Йилда неча кун бўлса, бу ёруғлик манбаидан шунча хил тафт оламиз.

 Инсон руҳиятида ҳам ҳамиша янгиланишга катта бир эҳтиёж яшайди. Қишда бодом гулласа ё қуёш қиздирса ёки иссиқхонада исмалоқ кўкарса ҳам, ўша маънавий эҳтиёж ўзини билдираверади. Ҳар баҳорда Наврўз байрами бизга ана шу мангу маънавий вазифамиз – ўзимизни янгилаб бориш саодатидан сабоқ беради. Кўклам ўзини тафтиш қилаётган, нима учун тонгда уйғониб, нега тунда уйқуга ётишини англашга уринаётган қалблардан бошланади.

Қишни енгган кўклам қудрати

 Ҳар қандай миллий байрам – халқнинг олам ва одамга эстетик муносабати дегани. Шу маънода Наврўз халқимизнинг тарихи, фалсафаси, ҳаёт тарзи, санъати ва маданияти, мифологик, диний ва дунёвий тафаккурини ўзида бирлаштирган қомусий айём.

 Тарихий манбаларда Наврўзнинг ёши 4-4,5 минг йил дейилади. Бироқ, назаримда, бу байрам халқимиз тўрт фасл тугаллиги, қуёш, ой, юлдуз ҳаракати, фасллар алмашиши, табиатга ҳамоҳанг ҳар инсоннинг қалбида эврилишлар юз беришини билган, ўзини англашни бошлаган кунда пайдо бўлган. Халқимизнинг кўнгил тубидаги бобомерос хотиралар ўзаги – қадриятлар, халқ оғзаки ижоди ва маросимларимиз бунга далил.

 Ўтган даврда орадан қанча сувлар оқиб ўтди: салтанатлар, дин, тузум ва дунёқарашлар ўзгарди, қадриятлар эврилди. Бироқ Наврўз байрами халқимиз қалби ва ҳаётидан ўчмади. Билакс мазмунан бойиди. Халқимизнинг эзгу орзу-интилишларини ўзида мужассам этган улуғ айёмга айланди.

 ...Метро бекатига борарканман, ён-атрофдаги шиддатли ҳаёт оқими бағрига чорлайди: ҳамма йўловчи – ишга, ўқишга шошади. Режалар кўп, мақсадлар юксак. Барига улгуриш керак.

 Шунда зиёратгоҳлардаги сокинлик эсимга тушади. Қизиқ, нега зиёратгоҳларимиз кўпинча тоғларда жойлашган? Тағин қуёш худди кема каби лангар ташлайдиган чўққилар пойида, булоқ ва дарахтлар бағридан ўрин олган. Яқинда бунга жавоб топдим. Айнан тоғ, чашма ва дарахт халқимизнинг мангу роҳат-фароғат манзили ҳақидаги азалий тасаввури ва интилишлари ифодаси экан. Яъни, жаннатнинг заминдаги «лойиҳаси». У ерда ҳаётнинг асосий тўрт унсури (қуёш, ҳаво, сув ва тупроқ) бирлашган. Шу боис халқимиз Наврўз байрамини қадимдан ана шундай муқаддас масканларда нишонлаб келган. Бунда замоннинг шиддатли оқимида ҳаракатланаётган ҳар қайси инсонни бир лаҳза тўхташга, ўзи ва табиат ҳақида ўйлаб олишга ундайдиган куч – инсон тафаккури қудрати.

 Қайдандир эсган салқин шабада юзимга урилиб, сергак тортаман. Чамаси ҳали қишнинг баҳор ҳукмронлигига кўникиши қийинроқ кечмоқда. Бироқ ора-сира эсадиган совуқлар беҳуда. Чунки табиат уйғонмоқда. Кўклам жиловни қўлга олмоқда, ён-атрофда яшариш, янгиланиш нафаси ҳукмрон.

 Кун ва тун, баҳор ва қиш, эзгулик ва ёвузлик – аждодларимизнинг ҳаёт ҳақидаги боқий тушунчалари. Кўклам – янги умидларнинг куртак чиқариши, ниятларимиз покланиши, вужуд ва руҳнинг янги куч-ғайратга тўлиши.

 Кўкламдаги «Бойчечак» маросимида бойчечак тутган эчки ниқобли жўрабоши ва унинг кўклам гуллари билан безанган шериклари (баҳор) хонадонлардан бўри ниқобли киши бошчилигида пўстинни тескари кийган одамларни (қишни) ҳайдаган. Енгилган қиш тарафдорлари аввал хонадонни, сўнг қишлоқни тарк этган. Маросим якунидаги шодиёнада барча уйидан топган ноз-неъматини олиб чиққан, барчаси катта қозонга солинган. Бу удум – «Қозонтўлди» дейилган.

 Яхши одам кўзидан, яхши йил Наврўзидан маълум, дейди халқимиз. Ота-боболаримиз йил бўйи келадиган об-ҳавони, шунга мос дов-дарахт ҳосилини Йилбоши қандай келишига қараб чамалаган. Донолар доим «Наврўздан кейин ёққан қордан эҳтиёт бўл», дейиши бежиз эмас. Икки-уч йил аввал бунга барчамиз амин бўлдик. Ўша йили баҳор авжида келган совуқ изғирин дарахтлар ҳосилига путур етказди – мева-чева кам бўлди, тут анқонинг уруғига айланди.

 Кўз тегмасин, бу йил ҳозирча бари бир маромда.

Юракдаги шапалоқ изи

 ...Метрода ўша таниш овоз янграйди: «Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади...».

 Ўтган асрнинг 80-йилларида Наврўз байрамига борадиган йўллар бир муддат тўсиб қўйилгани ёдга тушади. Йўқсилларни бирлаштириш ҳақидаги сохта ғоялари билан дунёга жар солган собиқ тузум «баковуллари» аслида халқимизни миллий ўзагидан ажратиб, бойликларимиздан узоқ вақт фойдаланишни кўзлагани, шу йўлда ҳатто тарихга қарши боргани аччиқ ҳақиқат. Ўша вақтлар неча мингйиллик байрамимиз – Наврўз ўзининг миллий мазмун-моҳиятидан узоқлаштирилиб, шунчаки, чигит экишга киришиш тадориги сифатида тарғиб-ташвиқ қилинган. Унинг ўрнига сохта тантана – «Навбаҳор»ни жорий қилишга уринишлар бўлган. Бироқ халқимиз кўнгли ва эътиқоди осмондан тушгандай пайдо бўлган бундай сохта ҳашамларни қабул қилмаган.

 Вагонлар шиддати поезддаги суҳбатларни, Сурхондарёга кетаётганимда, олтмишдан ошган ангорлик Йўлдош Насимов ўша суронли кунлар ҳақида айтиб берган бир воқеани эсга солади. Бу инсон доим эл-юрт тўй-маъракасида чой қайнатган экан.

 – Наврўз тақиқланган йили юпун-оч бўлсак ҳам адирда сайил қилмоқчи бўлдик: сумалак қайнаётган катта дошқозон ёнида самоварга ўтин ташлаб ўтиргандим, – деб эслайди Йўлдош ака. – Тумандан уч-тўрт «шляпали катталар» келиб, «тарқалинглар, эрта-индин колхоз идорасида «Навбаҳор» байрамини нишонлаймиз», деди. Одамлар кўнмагач, улардан бири дошқозонни ағдарди, самоварни тепди. Унга қаршилик қилгандим, колхозимиз раиси юзимга шапалоқ тортиб юборди. Йиғладим. Айниқса, раиснинг мансаб учун халқ ёнини олмагани менга алам қилди. Шукр, кўп ўтмай, халқимиз ёнини оладиган Йўлбошчи майдонга келди, адолат тикланди. Юзимдаги излар-ку кетди, лекин юракда бир чандиқ қолди-да...

 Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан, ҳали собиқ тузум тушовлари ечилмаган бир пайтда, 1990 йил 21 март куни Наврўз байрами юртимизда кенг нишонланди, узлуксиз телемарафон ташкил этилди. Юртдошларимиз ўша кунни қанчалар орзиқиб кутгани байрам шукуҳи муҳрланган телевизион ва босма материалларда ўз ифодасини топган.

 1990 йил 3 май куни яна бир тарихий ҳужжат – «Наврўз халқ байрамини ўтказиш якунлари тўғрисида»ги фармон имзоланди. Унга кўра, 21 март – юртимизда Наврўз умумхалқ байрами ва дам олиш куни деб эълон қилинди.

 1991 йил 21 март куни Биринчи Президентимиз Ўзбекистон халқига байрам табригини, ҳарбий қисмларда хизматни ўтаётган йигитларимизга Наврўз саломини йўллади. Жамиятга хавфли бўлмаган енгилроқ жиноятлари учун қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар афв этилди.

 Буларнинг барчаси – эзгулик, олижаноблик, инсонпарварлик ифодаси бўлган Наврўзнинг яна халқимизга қайтганидан далолат эди.

Вера холанинг ушалган ниятлари

 Мана, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлган Наврўз фаслида шаҳар-у қишлоқларимизда ҳашарлар бошланди. Халқимиз ҳамиша яхши ниятлар билан кўчат экиб, боғ кўкартирган. Кўчасидан ўтган барча инсон унинг меваси-ю соясидан баҳраманд бўлишини истаган. Шарқона янги йил арафасидаги ҳашарлар, эзгу тилаклар, таом ё пишириқлар алмашинуви – халқимизнинг асрлар оша бир-бирига елкадош бўлиб яшаб келаётгани ифодаси. Бу ҳамиша бир-биримизга керак эканимизни эслатади, ўзаро тотувлик ва иноқлик ришталарини мустаҳкамлайди.

 Мустақиллик йилларида Наврўз мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча ватандошимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланди. Қолаверса, бугун асл миллий байрамимиз нафақат юртимизда, балки БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йил 23 февралдаги резолюцияси билан жаҳонда кенг нишонланмоқда. 21 март – бутун дунёда Халқаро Наврўз куни! Нима учун дунёда шунча миллий байрамлар бўла туриб, айнан халқимизнинг шарқона янги йили – Наврўз миллий сарҳадлардан чиқиб, дунё байрамига, умумбашарий қадриятга айланди? Чунки Наврўз ҳамма даврда тинчлик, осойишталик, тотувлик, дўстлик, юртга, она табиатга меҳр-муҳаббат ифодаси бўлиб келган.

 Яқинда икки аёлнинг суҳбати қулоғимга чалинди. Бири рус, бироқ ўзбекча гапирмоқда. Чамаси улар қўшни, кўп қаватли уйда яшашади.

 – Вера, Латифа ая уйида буғдой кўкартиряпти, – деди аёл қўшнисига. – Кейинги ҳафта сумалак. Ҳали яна хабар қиламиз. Эсингдан чиқмасин.

 – Нега эсимдан чиқаркан, рости, сумалакни соғиндим, – деди Вера хола. – Ишонсангиз, ўтган йили қозон кавлаб айтган ниятларимнинг кўпи ушалди...

 Хаёлларим яна узоқ-узоқларга кетади: халқимиз учун нондан азиз неъмат йўқ – бешик остига нон қўйилади, ўғил болани суннат қилаётганда, ҳарбий хизмат ё узоқ сафарга жўнатганда, нон тишлатилади. Нон – қиш батнида етилиб, кўкламда униб чиққан ва ёзда пишган буғдой маҳсули. Уни қуёшга менгзаймиз, ризқ-барака тимсоли сифатида қадрлаймиз. Қиш таоми ҳалим – янчилган, кўклам неъмати сумалак кўкартирилган буғдойдан тайёрланишида ҳам теран маъно бор. Халқона этимологияда сумалакни «қирқ малак» тарзида тавсифлашга ўрганганмиз, бироқ Маҳмуд Қошғарий «Девони луғатит турк» китобида «сума» сўзига «ундирилган буғдой», деб таъриф берган. Ҳа, аждодларимиз бу таомларни тайёрлар экан, тана ва руҳ эҳтиёжларини баравар инобатга олган. Кўклам таомлари билан табиатдаги янгиланишни ўзига сингдирган.

Олам эски, аммо одам қалби янги

 ...«Мустақиллик майдони» бекати. Метродан чиқаётган одамлар худди сайилга отлангандай кўринади. Президентимиз қарорига кўра, бу йил Наврўз байрами юртимиз бўйлаб халқ сайиллари тарзида нишонланади. Сайил – табиатни кезиш, олам ва одам уйғунлигини англаш демак. Бунда томошабин йўқ, иштирокчилар бор, инертлик чекиниб, фаоллик кучаяди, маънавий қувватлар бирлашади, тафаккур юксалади, соф хаёллар ҳаётга кўчади.

 Шу ўринда бир мулоҳаза: кўпинча Наврўз куни оила аъзоларимизга, яқинларимизга қандай совға олишни ўйлаб, бошимиз қотади. Чунки Наврўз ҳар йили келса-да, ҳар кўкламдан бир эсдалик қолишини барча инсон хоҳлайди.

 Агар тадбиркорларимиз кўклам ва Наврўз ифода этилган тасвирлар, рамзлар туширилган либосларни, турли атрибутлар, нишонлар ва бошқа совғаларни ишлаб чиқарса, нур устига нур бўларди. Сумалак, бойчечак ёки қалдирғоч тасвири туширилган совғалар билан наинки миллий байрамимиз, урф-одат ва қадриятларимиз ёшларимиз онг-қалбига янада чуқурроқ сингади, балки фарзандларимизнинг четдан «экспорт» қилинаётган, ғараз мақсадлар билан ўйлаб топилган, «оммавий маданият»нинг турли «янги байрамлар»ига чалғишига ҳожат қолмайди.

 Наврўз қадрияти «ахборот эраси»да улғаяётган авлодга ўзини табиатнинг бир бўлаги сифатида англаш, бу ўзига, ҳаёт моҳиятига яқинлашиш завқидан, бугун дунё танлаётган йўл, инсониятнинг келажагини ҳал қилувчи омил – инновация маданиятидан сабоқ беради. Наврўз – эзгулик зулматни, янгилик эскиликни енгган кун тантанаси. Шу куни оламга ҳамоҳанг инсон қалби, тасаввури ва тафаккури ҳам янгиланади.

 Наврўз фалсафаси инсон қалбидаги аждодлар руҳига эҳтиром туйғусини, ободлик маданияти ва бунёдкорлик салоҳиятини тарбиялайди. Бизга ҳар бир кунимиз имтиҳон эканини эслатади. Ички “мен”имиз олдидаги жавобгарлик масъулияти, ўзимизга дахлдор вазифаларнинг миллат шаъни ва эл-юрт равнақи билан ўзаги бирлигидан дарс беради.

 Биз Наврўзни наинки ўзи ё оиласи, балки эл-юрти, инсоният учун тинчлик ва фаровонлик тилаб дуога очилган кафтларда кўрамиз.

 Биз Наврўзни оддий муаммосини ҳал қилиш учун ташкилотма-ташкилот чопиб чарчаган одамлар Халқ қабулхонасида бир ташвишидан қутилиб шодон кўчага чиққанда, кўксини тўлдириб олган нафасда кўрамиз.

 Биз Наврўзни ғам-қайғу боис киприклари намланган одамларга улашилган энг арзон ва айни пайтда энг қиммат неъмат – бир оғиз ширин сўзда, нуронийларнинг яйраб суҳбат қуриб ўтиришида, кўмакка муҳтож бир одамнинг беғараз ёрдамдан кўнгли кўтарилиб айтган шукронасида кўрамиз.

 Биз Наврўзни отаси олиб берган ширинликни ошналари билан баҳам кўриб, эзгуликдан порлаган мурғак нигоҳларда, турли низо ва адоватларни унутиб, бирлашган қўлларда кўрамиз.

 Биз Наврўзни бировнинг ҳаққидан ҳазар қиладиган тарозида, ўзига муносиб билганни бошқаларга ҳам раво кўрадиган қалбларда, қизларимизнинг мусаффо туйғуларини осмонга элтаётган ҳалинчакда, гўдаклар қалбидан бошланган ирмоқларда, йигитлар кўксида чақнаган чақмоқда кўрамиз.

 Биз Наврўзни бепоён кенгликларга чиқиб, кўм-кўк адирлар бағрида, мусаффо осмонга боқиб, «собиту сайёра»да ўзини бир зарра эканини, олам ўзгариши учун, аввало, ўзи ўзгариши кераклигини англаган пок хаёлларда кўрамиз.

 Биз Наврўзни ўзининг тараққиёт стратегияларини собитқадамлик билан амалга ошираётган Ўзбекистоннинг инсонпарварлик сиёсатида, буюк мақсадлар сари чарчамай, толиқмай тинимсиз меҳнат қилаётган халқимизнинг ҳаёт мазмунида кўрамиз.

 Шунда Алишер Навоийнинг ўша машҳур сатрлари онг-қалбимизда жаранг сочгандай бўлади: “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз”. Ҳа, олам эски, аммо одам қалби доим янги. Ҳаётимиз боғини обод қилиш ҳам, вайрон қилиш ҳам ўзимизга боғлиқ, Умр Китобининг оппоқ саҳифаларини қандай ёзишда ҳамиша танлаш имкониятимиз бор. Зотан, ҳар қандай шароитда ўз қиёфасини йўқотмай, сабр ва шукр билан йўл босган, ҳар қадамда ботинан янгиланиб, яшариб ва покланиб яшашга интиладиган инсонларнинг тадбири тақдирга мос келаверади.

 Умид Ёқубов, ЎзА

18.03.2018

Олдин      Кейин

Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
Сайтда фойдаланувчилар сони: 148
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

beta(test statistika)

 

13.09.2017

ҳолати

 

Сайтга келиб тушган мурожаатлар

(Facebook) ижтимоий тармоғига

 

Мирзо Улуғбек туманига келиб тушган мурожаатлар

 

PM.GOV.UZ Президент порталига келиб тушган мурожаатлар

 

MY.GOV.UZ порталига келиб тушган мурожаатлар

(2015 йилдан буён)

 

Келиб тушгани мурожаатлар

 

123

 

 

11905

 

2765

 

902

 

Ижродаги мурожаатлар

 

17

 

758

 

136

 

869

 

Ижроси таъминланган мурожаатлар

 

106

 

11155

 

2628

 

38

 

Муддати бузилган мурожаатлар

 

0

 

133

 

19

 

69

 

 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!

Ишонч телефон

(+9989 71) 268-94-04

(+9989 71) 268-07-07

Девонхона

(+9989 71) 267-58-82

Шикоятлар бўлими

(+9989 71) 267-58-82

Факс

(+9989 71) 268-07-07

 

 

Хабар қолдиринг
  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар