mirzoulugbek.toshkent.uz
Фотогалерея
Видеогалерея
Тошкент тарихи

Тошкент воҳасида ўтроқ деҳқончилик ва илк шаҳар маданияти қадимий бўлишига қарамай, шаҳарнинг ўз тарихини милоддан аввалги I аср охиридан ёзма манбалар ва ҳозирги шаҳар ичидаги қадимги шаҳар харобаси (Мингўрик) сақланиб қолган вақтдан бошлаганини кузатиш мумкин. Мингўрик Салор канали бўйида, ҳозирги Шимолий вокзал яқинида жойлашган бўлиб, унинг номи бу ерда XIX асрда мавжуд бўлган катта ўрикзордан олинган. Ўша давр хариталарига кўра, кадимги шаҳар ўрни тахминан 35 га жойни эгаллаган. Қадимги шаҳар ҳудудида аста секин ҳозирги Тошкент аҳолиси уйлари қурила бошланди. Ҳозирга келиб, 150x80 метрга яқин майдондаги "қаср" деб аталувчи тепаликнинг бир қисмигина сақланиб колган. Қадимги шаҳар ўрнини археологлар ўнлаб йиллар мобайнида чуқур ўргандилар, натижада унинг тарихий топографияси, истеҳкомларини қисман қайта тиклаш ва бизнинг давримиз чегарасидан туриб шаҳар тарихини аниқлаш имкони туғилди.

Мингўрикдаги шаҳар мустаҳкам қўрғон, баланд "қаср" ва қалъа девори билан ўралган шаҳар ҳудудидан ташкил топган. Бу Тош кентнинг кадимийлиги рамзини кўрсатувчи ўзига хос ёдгорликдир. Шаҳар гўё қурилиш эстафетасини Шоштепадан қабул қилиб олгандай, у ерда топилган дастлабки шаҳарлашган манзилгоҳнинг давомчисига айланди.

"Қаср"нинг этак томонида олиб борилган энг янги археологик тадқиқотлар натижасида ўзига хос меъморий қурилиш мажмуаси аниқланди. Мажмуа тахминан 15x14 метр квадрат бўлиб, унинг ҳар қайси томонида диаметри тахминан 5 метр бўлган ярим доира миноралар (иншоотнинг тахминий умумий хажми 27x25 м) бор. Бино шарққа кун чиқар томонга қараган. Ўртадаги квадрат 6-7 метргача бўлган баландликда сақланган. Унинг ичида учта йўлаксимон бино тозалаб қўйилган. Йўлаклар ўзаро ҳамда минора ичидаги хоналар билан равоқ йўллари орқали боғланган. Икки хил: 40x40x10, 50x25x9 см ўлчамдаги хом ғиштдан тикланган бинолар гумбаз билан ёпилиб, айримлари икки қаватли бўлган. Бутун ансамбль айланасига ташқи девор билан ўралган.

Дастлаб, "тўрт парракли хоч" бунёд бўлаётганда ўртадаги квадрат қисми минораларга қараб кўтариб қўйилган. Гумбазлар ос тидаги юзада кул қатламлари билан қопланган текис айвон бўлган. Иккита бинода қалин чиринди қатлами топилди, чамаси, бу ерда ёқиладиган ўтин заҳираси сақланган. "Хоч"нинг шимол томонида бир неча метр келадиган узоқ вақт мобайнида тўпланиб қолган кулхоналар аниқланди. Ёдгорлик ҳаётининг кейинги босқичларида бино тоза лой билан мустаҳкамланган. Натижада пойдеворнинг юқори қисмида баландлик ҳосил бўлган. Бинонинг шарқий қисмидаги айрим деворлар кесилиб, улардан тепа томга олиб чиқадиган зинали пандусга ўхшаш қия йўлак қурилган. Пандус кўтарилган тепадаги майдончадан зина туширилган бўлиб, у ҳозирги текширувларга кўра 6 метргача чуқурликдаги қудуққа олиб борган. Пандус катта тошлар ётқизилиб устига тахта ташланган йўлак бўлганга ўхшайди, унинг чириб жигарранг бўлиб қолган қатлами сақланган. Мажмуа узоқ вақт мобайнида ўз вазифасини сақлаган ҳолда баландлашган ва кенгайган. Юқори майдончага ҳам йирик тошлар ташланиб, бу ер очиқ меҳроб бўлган. Қурбонлик олови ёқилиши натижасида бир оз кул қатлами тўпланган. Суяклар ва ибодатда ишлатилган кичик сопол парчалари бинонинг ғарбий ва шимолий миноралари ўртасига ташлаб юборилган.

Аниқланган далиллар бинонинг диний маросимга мўлжалланганлигини кўрсатиб, унинг тепасида олов ёқилганлигидан ишора беради. Мажмуа бунёд этилишидан қолган қурилиш қолдиқпари, бино бажарган вазифани белгилаш ва тахдил қилиш, бу иншоот милоднинг I асрларида диний эътиқод объекти сифатида олов ва қуёшга сиғинган аҳоли томонидан тикланганлигини ва милодий IV асргача мавжуд бўлганлигини аниқлаш имконини беради. Минтақада каби бир қанча иншоотлар мавжуд бўлган. Чунончи, Талас дарёси ёқасидаги Чўлтепа ва Қизилқайнартепа шаҳар харобаларида ярим миноралари бор "парракли" "хоч"ларга ўхшаш бинолар аниқланди. Улар милодий I-IV асрларга оид деб белгиланган.

Бухоро вилоятининг шимолида шу хилдаги ёдгорлик Сеталактепа 1 ёдгорлигида топилди. Уларнинг қурилишида ҳам, вазифасида ҳам ўхшаш белгилар учрайди. Сеталактепадаги олов ёқиш билан боғлиқ одат айниқса, яққол акс этган. Бу бино милодий III-V асрларга оид деб белгиланган.

Мингўрикдаги иншоот Қовунчи маданияти мажмуаси қаторида олов ва қуёшга эътиқод қилишнинг асосий диний маркази сифатида Талас ёдгорликлари сирасига кирган, деган таассурот туғилади. Археологик тадқиқотлар Қовунчи маданияти анъаналари жануб ва ғарбга тарқалганлигини тасдиқлади. Ўша вақтда бу маданият мажмуаси вакиллари ўзлари билан бирга оловга сиғинувчиларнинг қасрлар қуриш тамойилларини Бухоронинг шимолига олиб ўтганлар.

Чоч тўғрисида ҳикоя килувчи илк ёзма манбалардан бири Хитойнинг Катта Хань сулоласининг йилномалари ҳисобланади. Мазкур Шицзи солномаси, хитой элчиси Чжань Цзянь ёзиб қолдирган маълумотлар асосида тузилган. Чжань Цзянь аввал хунлар қўлида ўн йил асирликда кун кечирган. Сўнг милоддан аввалги 129 йилда Бақтрияга Катга Юэчжилар хузурига етиб келади. У етказган маълумотлардан сўнг Хитой "Ғарбий ўлка" деб аталган мамлакатни ўзи учун кашф қилади. Шицзи Қанғ (Кангюй ёки Канцзюй) давла тини эслатиб ўтади. Бу давлат чегараси Фарғона (Даван)дан ғарби Орол денгизигача кенгайиб, Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги катта даштлик бир кисмини эгаллаган. Қанғ Авестода Қанғҳа -"баланд ва муқаддас" номи билан келади. У юэчжиларга мансуб кўчманчиларнинг чжаоу сулола томонидан бошқарилган. Дастлаб у кучли бўлмаган ўлка эди. Кўпчилик тадқиқотчилар Тошкент воҳасини бу давлатнинг асоси деб ҳисоблайдилар. Давлат аста секин турли тилда сўзлашувчи қабилаларнинг қудратли иттифоқига айланган, деб тахмин қилинади. Битян деб аталган шаҳар унинг маркази бўлган. Юрт ҳукумдорининг ёзлик қароргоҳи ҳам бўлган. У ўзининг қабиласи билан бирга чорвасини қишки яйлозлардан ёзги яйловларга ва аксинча кўчириб юрган.

Хитой манбалари Қанғни кўчманчилар ўлкаси дейиш билан бирга канғликларнинг турмуш тарзи бошқа бир ўлка Яньцай аҳолиси турмушига ўхшашлигини айтиб, лекин улар "лой деворлар ичида яшайдилар" деб таъкидлайди. Бу билан Қанғ (Кангюй)да ҳам шаҳар ва манзилгоҳлар мавжудлигини исботлаш мумкин. Қанғ (Кангюй)га 5та кичик мулклик Сусе, Фуму, Ги, Юегянь ва Юни бўйсунган. Тадқиқотчилар бу мулклар Ўрта Осиёнинг марказий минтақасидаги Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарё сингари деҳқончилик ва шаҳар маданияти воҳалари бўлиши мумкин, деб ҳисоблайдилар. Юни мулклигига Тошкент воҳаси кирган бўлиб, унинг маркази Тошкент шаҳри бўлган. Тадкиқотчилар (Ю.Ф. Буряков) уни Хитой манбаларидаги милоддан аввалги III-II асрлардаги қадимий Юни бўлиб, кадимги муаллифлар маълумотлари бўйича, Яксарт орти Антиохияси деб ҳисоблайдилар. Қанқа Сирдарё ўнг соҳилидаги улкан майдонни эгалаган қадимги қишки пойтахт (Хитой манбаларида Битян) га қиёсланади.

Сўнги давр Хитой манбалари қадимги Юни ўрнига вужудга келган Ши номини тилга оладилар. Бундан ташқари Ши "Қанғ меросхўри" деб аталган. Шундан хулоса қилиш мумкинки, Иаоша дарёси (Сирдарё)нинг ўнг соҳилига жойлашган қадимги Юни шаҳри вақг ўтгач, Ши деб атала бошланган. Кейинчалик Тошкент воҳасининг пойтахти шимолга, ҳозирги Тошкент ҳудудига кўчади.

Милодий биринчи асрлардан Салор Жўн сув тизимида бир қатор аҳоли манзиллари пайдо бўлади. Булар ҳозирги кунда Кўгайтепа, Мингўрик, Тавкаттепа, Бузгонтепа ва бошқа номлар билан маълум бўлган қадимги шаҳарлардир. Уларни ўрганиш жараёнида шу нарса ойдинлашдики, Мингўрикнинг қадимги шаҳристони мудофаа деворлари билан ўралган қалъа қўрғонли чинакам шаҳар бўлган.

Юқорида таъкидланганидек, сўнги археологик қазиш ишлари кўрсатишича, Мингўрик мажмуасидаги маънавий маданиятни олов ва қуёшга сиғинган аҳоли тиклаган ва уни милодий IV асргача вужудга келтирган деб тахмин қилиш мумкин. Бу ҳозирги Тошкент ҳудудини қадимда жуда йирик диний марказ доирасига кирганлигини кўрсатади. Агар Канқадаги шаҳар маъмурий марказ ёки хатто Қанғнинг пойтахти мавқеига даъвогарлик қилиши мумкин бўлган бўлса, Мингўрикнинг диний "қаср" мажмуаси бу давлатнинг асосий диний марказларидан бири бўлган дейиш мумкин. Авестода Қанғҳа номи бежизга "муқаддас" деб тилга олинмайди. Ана шундагина милодий I асрларда Мингўрик шаҳри асосий зиёратгоҳ атрофида манзилгоҳлар пайдо бўлганлигини тасаввур қилиш мумкин. Бу марказ кейинчалик Сирдарё бўйидаги минтақаларига, шунингдек, Ғарбий Суғд ва Фарғонага катта таъсир кўрсатди. У жойларда ҳам қуёшга сиғиниш билан боғлиқ диний иншоотлар қурилиши кузатилади.

Қанғнинг хитой манбаларида сўнгги бор эсга олиниши милодий IV-V асрларга тўғри келади. Бу манбаларда Ши, юқорида таъкидлангандек, "Қанғнинг меросхўри" деб аталган. Милодий III-IV асрлар бошида Ши Қанғнинг аввалги конфедерациясидаги бошқа вассал мулклари (кичик мулкликлар) сингари унча катта бўлмаган мустақил давлатга айланди. Милодий III асрнинг биринчи чорагидан бошлаб (эҳтимол, янада илгарироқ), бу давлатнинг мустақил равишда танга зарб килганлиги маълум. Тангаларда суғд хатида "Чоч ҳукмдори" деган ёзув бўлган. Юза томонида хукмдорнинг ён томондан кўриниши, орка томонда эса сулолавий тамға белгиси бўлган. Бу тамғанинг Қанғ ҳукмдорларининг сулолавий тамғасига ўхшашлиги тахмин килинади. Нафақат тангалар, балки топилган бошқа материаллар Чоч давлат маҳкамаларида ҳам суғд ёзувидан фойдаланилганлигидан далолат беради. Жумладан, Жанубий Қозоғистондаги Култобадан топилган куйдирилган сопол тахтачаларидаги ёзувлар, палеография бўйича мутахассисларнинг тахминича, эски суғд ёзуви намунасидадир. Тилшунос Н. Симс Ви ильямс ўқиб аниқлаган бу битикларда биринчидан, давлатнинг номланиши "Чоч халқи ёки мамлакати", иккинчидан, давлатнинг шимолий чегараси Арис дарёси водийсидаги кўплаб шаҳар ва қалъаларни ўз ичига олганлиги ҳақидаги маълумотлар бор. Қанғнинг собиқ иттифоқчилари томонидан тайинланган давлат амалдорлари кўчманчи дашт билан чегара дахлсизлигини зийраклик билан кузатиб борганлар. Юқорида айтилган сопол тахтачалардаги ёзувларда эса бу ҳакда хабар берилган. Сопол тахтачаларни, чамаси, қалъа дарвозаларига ўрнатиб қўйишган. Ёзувларда "Чоч халқи" етакчисидан ташқари Самарқанд, Кеш ва Нахшаб, шунингдек Навакметан (тахминан Бухоро) вакиллари кўрсатилган. Чоч географик тушунча сифатида илк бор сосонийлар шоҳи Шопур I милодий 262 йилда Эрондаги зардуштийлик ибодатхонасида ўйиб ёзилган битигида тилга олинган. Битикда Чочистон тоғлари Сосонийларнинг Шарқдаги чекка ерлари қаторида тилга олинган. Археологик маълумотлар хулосасига кўра, бу ўлкаларнинг энг қадимги пойтахти аввалда Тошкентдан 70 км жанубдаги улкан Қанқа шаҳри ўрнида жойлашган бўлиши мумкин. Кейинчалик Тошкент шаҳри ҳудудидаги сув тармоғи Салор бўйидаги Мингўрикда асосий диний марказ атрофида кўплаб шаҳарлашган манзилгоҳлар вужудга келди.

Чоч пойтахти "асл тош шаҳри" Мингўрикдаги шаҳарнинг пойтахт мақомини олганлиги унинг ҳудуди кенгайишида ва милодий VII асрнинг биринчи чорагидан бошлаб сарой типидаги йирик иншоотлар қад кўтаришида ўз аксини топган. Бундай бинолар оташпарастлар ташлаб кетган диний иншоот билан бирга тепалик устига қурилган. Сарой ҳам, қўрғон ҳам шаҳар ҳудудидан баланд бўлган. Асосий савдо йўллари "Ипак йўли" тармоқларининг шимолга ўтганлигини пойтахт кўчирилишининг сабабларидан бири бўлган деб ҳисоблаш мумкин. Бу йўллар эндиликда Еттисувдан Катта даштликни чеккалаб то Оролбўйигача чўзилиб кетган эди. Турк хоқонлиги ва Эроннинг Сосонийлар давлати ўртасида вужудга келган сиёсий қарама-қаршиликлар пайтида маҳсулотларни Эрон савдо йўллари орқали олиб ўтиш мумкин бўлмай қолганди.

Пойтахтни Мингўрикдаги шаҳарга кўчирилиши турли давр ларга оид хитой манбаларида акс этган. Бу манбалариинг дастлабкиларида Ши шаҳри айланасига 10 ли (1 ли 400 500 м) бўлган деб таъкидланса, кейинги манбалар эса факат 3 ли деб кўрсатади. Гап турли шаҳарлар ҳақида бораётган бўлиши ҳам мумкин. Улардан катгаси Қанқа шаҳри билан қиёсланса, кичиги унинг вориси Тошкент ҳудудида жойлашган Мингўрик хисобланади. Бошқача қилиб айтганда, хитой манбаларидаги Ши топоними энди Тошкент қудудидаги шаҳарга нисбатан қўлланила бошланган. Маҳаллий номларнинг хитойчада "Же Ше" ва "Ши" (иероглиф "тош" маъноси) тарзида ифодаланиши Тошкентнинг туркий номи "тош шаҳар"да ҳам ўз аксини топган. Бу ном соф маънода эмаслиги аниқ, чунки шаҳар ҳеч қачон тошдан барпо этилмаган. Бу таъриф Чоч аҳолисининг душманларга қарши курашда мардлик ва матонатини намоён этганлигини ифодалайди, деган фикр ҳам мавжуд. Шаҳарнинг Авестода ҳикоя қилинган "қудратли турлар" мамлакатида вужудга келганлигини эслатиб ўтиш ўринлидир. Бу ном ўзагида Чатқол Қурама тоғларидаги бойлик ярим қимматбаҳо феруза тошига ишора борлиги ҳақикатга яқинрокдир. Хитой матнларига мурожаат этиб "ши" атамаси "тош", "қимматбаҳо тош"ни англатишини биламиз, қадимги туркий тилда эса сес (чеч) сўзи нафақат "қимматбаҳо тош", балки, аниқ "феруза" маъносини беради. Атаманинг ана шу луғавий маъносини ҳисобга олиб, Тошкентни "асл тош", яъни "феруза шаҳар" деб аташ мумкин.

Милодий V аср ўрталарида Чоч, бир вақтлар Қанғ давлати таркибидаги бошқа мулклар сингари Эфталийлар давлатининг бир қисмига айланди. Милодий VI асрда бу давлат жанубдан Сосонийларнинг, шимолдан эса туркий қабилаларнинг янги қудратли уюшмаси Турк хоқонлиги зарбаларига учради. VI асрдан бошлаб Чочнинг бутун тарихи Турк ҳоқонлиги тарихи билан чамбарчас боғланди. Мўғулистондан Олтойгача бўлган худудни эгаллаган ҳоқонлик ғарбга томон кенгая борди. 555 йилда турк ҳоқони Буминнинг укаси Истами (юнонча Сизабул) катта куч билан ғарбга юриш бошлади.

У ўз таъсир доирасини "Ғарбий денгиз"гача, жанубда эса сосонийлар Эрони чегараларигача ёйди. Чоч, Парак (Чирчиқ)нинг бутун ҳудуди, Фарғона, Самарқанд, Кеш ва Нахшаб (ҳозирги Қашқадарё) Истами ҳоқон ҳукмронлиги остида қолди. Турк ҳоқонлигининг эфталийлар билан кураши Чочнинг Сирдарё бўйидаги ҳудудларида ҳам бўлиб ўтди. Манбалардан маълум бўлишича, бу ҳарбий жанглар мамлакатни анча хароб қилди. Бу бадиий шаклда "Шоҳнома"да ўз аксини топган, унда ёзилишича, Чочда суворийларининг шиддатли тўқнашувлари натижасида Гулзариюн (Сирдарё) суви "қизил гул" тусига кирган.

Асосий воқеалар воҳанинг жанубий қисмида ва янада жануброқда содир бўлди. Қанқа шаҳар харобасидаги тадқиқотлар бу жанглар давомида унинг вайрон бўлганлигини ва аҳолиси кўтарган қўзғолон бостирилганлигини таъкидлайдилар. Чунончи, шаҳарнинг V-VI асрлардаги асосий ибодатхонасида ҳужум ва ёнғин асоратлари яққол кўзга ташланади.

Аксинча, бу даврда Чоч воҳасининг шимолий ҳудудлари, яъни Чирчиқнинг ўрта ҳавзасидаги ерлар, шу жумладан, Тошкент микровоҳаси, жадал ўзлаштирилди. VII асрнинг биринчи чорагидан бошлаб Мингўрикдаги шаҳар, чамаси, Чоч пойтахти мақомини олди. Чатқол Қурама тоғларидаги рангли ва асл метал конларининг ўзлаштирилиши ҳам шаҳарнинг иқтисодий юксалишига ёрдам берди, бу тоғларда "Чоч кумуш кони" ишлаб турган. Шунингдек, феруза ва темир рудаси ҳам қазиб олинган. Асосий карвон йўлларининг ва халқаро транзит савдоси марказининг шимол томонга силжиши ҳам Чочнинг юксалишига қулай имконият яратди. Унинг пойтахти "Ипак йўли" бўйлаб ўтадиган савдода фаол қатнашди.

VI-VII асрларда Чочда урбанистик жараённинг кучайишига олиб келди. Тадқиқотчиларнинг маълумотларига кўра, шаҳар ва манзилгоҳлар сони аввалги даврга нисбатан 2,5 баравар ўсган. Ҳозиргача Чоч ҳудудида зарб қилинган жуда кўп миқдорда тангалар топилди. Улар савдода алмашув эквиваленти ҳисобланган. Фанда дастлаб салкам қирқ йил муқаддам, XX асрнинг 70 йилларидан Чоч тангалари ўрганила бошланган. Тадқикотчилар тангалардаги ёзувлар орқали Чоч давлати ҳукмдорларининг номлари ва унвонларини аниклашга эришдилар. Ҳукмдорлар тангаларга ўз сулолавий тамғаларини босишган. Жуда кўп тангалар Чочнинг Ғарбий Турк ҳоқонлиги таркибига кириши билан боғлиқ.

VI аср охиридан бошлаб Чоч Истами ҳоқоннинг ўғли — Қора Чурин Турк (Тардуш ҳоқон ёки Биябғу) қўл остига ўтди. У ҳоқонликдаги энг қудратли ҳукмдорлардан бири бўлган. VII асрнинг иккинчи чорагидан Чоч тангаларида туркий "тудун" унвони пайдо бўлди, бу унвон VIII аср ўрталаригача амалда бўлган. Тадқиқотчилар бу унвонни Чочда Турк ҳоқонлиги вакилларининг меросий бошқаруви ифодаси деб ҳисоблайдилар. Тангаларда зикр этилган тудунлар катта ваколатларга эга бўлган. Тудунлар мулклик ҳаётининг ҳамма соҳаларини аста-секин ўз назоратига ола бошлаганлар. Чочда бошқарувнинг алмашиниши тамғадаги ўзгаришларда ҳам акс этган. Агар Чочнинг қанғ тамғали дастлабки тангалари Қанғ ва унинг атрофларидан топилган бўлса, янги тамға (VII асрдан бошлаб) пайдо бўлгач, Чоч тангалари ҳозирги Тошкент шаҳри ҳудудида ҳам кенг тарқалган. "Айрисимон тамға"лар нумизматика фанининг сўнгги маълумотлари бўйича, тудунлар зарби билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ўлжага ўқдек ташланаётган лочинга ўхшатилган қуш ана шу белги асосини ташкил этади. "Туркаш Чоч ҳукмдори" ёзуви туширилган танга дикқатга сазовордир. Ҳукмдор лавозими икки хил: туркийча "хоқон" ва суғдча "хвабу" кўринишида берилган. Тангалардаги битиклар суғд ёзувида берилган. VII-VIII асрларда Чоч аҳолисининг этник таркиби аралаш эди. Жамиятнинг юқори доираларини суғд ва турк зодагонла ри ташкил қилган.

Чоч Ғарбий Турк хоқонлигининг назорати остида бўлсада, бошқа мулклар сингари унга ҳам, VIII аср ўрталаригача Хитой доимий равишда даъвогарлик қилиб келган. Араб истилоси арафасида Ўрта Осиёнинг Икки дарё оралиғида бир неча ўнлаб мулкликлар мавжуд бўлган бўлиб, уларнинг ҳар бирини ўз хукмдорлари бор эди. Улар Амударёгача бўлган ҳудудни ўз назорати остида сақлаб турган Турк ҳоқонлиги қўл остида эди. Ўрта Осиёдаги майда мулкларида бирлик йўқлиги араб истилочиларига қаршилик кўрсатишни қийинлаштирди. Араблар VIII аср бошигача Бухо ро ва Самаркандга бир неча марта юриш қилиб, Чоч чегараларига яқин келиб қолгандилар. 712 йил араб лашкарбошиси Кутайба ибн Муслим Самарқандни қамал қилган пайтда, аҳоли муваффақиятли қаршилик кўрсатди. Улар ёрдам бериш тўғрисидаги илтимос билан ўз элчиларини қўшни ўлкаларга жўнатди. Самарқанд ҳукмдори Фарғона ихшиди, Чоч тудуни. Турк хоқони ва Хитой императорига мурожаат қилган эди. Умумий хавф қаршисида улар ўртасида иттифоқ тузилди. Фақат Хитой ёрдам беришдан бош тортди. Тарихчи ат-Табарий сўзларига кўра, қамалда қолган Самарқандга турк ҳукмдори Иналҳоқон ўғли бошчилигида турк аслзодаларидан иборат лашкар жўнатилган. Лашкар Самарқандга етиб келмасдан араблар пистирмасига тушиб қолиб, қириб ташланган. Шундан сўнг араблар шаҳарни эгаллашга муваффақ бўлган. Чочнинг мард аслзода фарзандлари шу жангларда халок бўлган, лекин арабларга қарши тузилган иттифоқ кейинги даврларда ҳам истилочиларга қаршилик кўрсатишдаги асосий уюштирувчи ва зарбдор куч бўлиб қолаверди. Чоч эса бу иттифоқнинг энг матонатли ва кучли иштирокчилари сафида бўлган эди.

714 йил Қутайба қўшинлари Чочга истилочилик юришини уюштирди. Ат-Табарий сўзларига қараганда, "унинг катта кисми ёндириб юборилган". Шундан кейин яна бир юриш килинди, бироқ Чоч аҳли араблар ҳокимиятини тан олмади. Ана шу нотинч даврда иттифоққа ёрдам кўрсатмаган Хитой, Чоч устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатишга интилди. Хитой қўшинлари 749 йилда Чоч ва Фарғона ҳукмдорлари ўртасида юзага келган низога аралашиб, Фарғонани қўллаб қувватлади. Хитойлик лашкарбоши Гао Сянь чжи Чоч ҳукмдорини ҳибсга олиб, уни Хитойга жўнатди, у ўша ерда қатл этилди. Бу золимликнинг боиси қатл этилган одамнинг бойликларини қўлга киритган лашкарбошининг очкўзлиги эканлиги ҳаммага равшан бўлганди. Чочнинг ўлдирилган хукмдори ўғли араблар томонга қочиб ўтди ва Абу Муслим лашкарбошиси Зиёд ибн Солиҳ бошчилигидаги қўшинни олиб келди. Уларга маҳаллий қабилалар қўшилди. Араблар, чочликлар ва суғдлилар қўшини 751 йил Талас дарёси бўйида Хитой қўшинлари билан жангга кирди. Хитой қўшинларини фарғоналиклар ва қашқарликлар қўллаб қувватлади. Хитой қўшинлари буткул тор-мор қилинди. Бу Чоч тақдирини хал этган тарихий жанг бўлган эди бу жанг Чочни Хитойнинг босқинчлик юришларидан халос этди. Айни вақтда чочликлар араблар ҳукмронлигига қарши мунтазам исён қилиб турдилар. Кўчманчилар дашти билан чегарадош бу жойларга халифалик ҳукмронлигидан норози бўлганларнинг барчаси, турли исёнларнинг иштирокчилари, айникса, "оқ кийимлилар" деб аталганлар оқиб келган эди. Ана шу вилоятда, бир томондан, ғозийлар дин учун курашчилар, иккинчи томондан бу янги диннинг жорий этилишига қарши бўлган кишилар бошпана топган эдилар. Ислом динининг ўтроқ аҳоли муҳитида илдиз отиш учун юз йилча, Сирдарё (Сайҳун) ортидаги чорвадор қабилаларнинг ислом динини қабул қилишига эса икки асрдан кўпроқ вақт керак бўлди.

Бўйсунмаган маҳаллий хукмдорларга қарши араблар бир неча жазо юришлари уюштирдилар, шундан сўнггина халифалик ҳокимияти Чочда катта қийинчилик билан қарор топди.

Ёзма манбалар Чоч шаҳарлари ва унинг пойтахти тузилиши ва хусусиятлари тўғрисида жуда оз маълумот беради. Лекин бу маълумотларни археояогия фани бирмунча тўлдиради. Тошкент микровоҳасида, яъни ҳозирги Тошкент ҳудудида илк ўрта асрларда 4 шаҳар ва 20га якин қалъа ҳамда манзилгоҳдан иборат бутун бир мажмуа шаклланган эди. Улар орасида пойтахт Мадинат аш-Шош (араб манбалари бўйича) марказий ўринни эгаллаган бўлиб, бу шаҳар қолдиқлари Мингўрик шаҳар харобасида ўрганилган. Араб алифбосида "Ч" харфи йўқлиги боис, Чоч номи "Шош" тарзида берилган. Араблар истилоси арафасида бу ҳудудда шаҳарлар барпо этиш ишлари авж олган эди. Бу Чоч ўлкасини "минг шаҳар мамлакати" деб аташга асос бўлган.

VII аср-VIII асрнинг бошида Мингўрикдаги шаҳар ғоят гуллаб яшнади. Шаҳар анча кенгайиб, атрофи қўрғон деворлари билан ўраб олинганини археологлар қайд қилганлар. Мингўрик қўрғон қалъа хямда шаҳристонни ўзида бирлаштирган. Қалин пахса ва хом ғиштдан тикланган девор билан ўралган қалъа зинапоя шаклидаги тўғри бурчакли минораларга эга эди. Уларнинг баландлиги 5-6 м бўлганлиги аниқланган, илгари эса, шубҳасиз, янада баланд бўлган. Қанғга хос диний марказнинг мустаҳкамланган харобаларида саройга ўхшаб қурилган мажмуа ҳукмдорларнинг расмий шаҳар қароргоҳи қад кўтарган.

Илк ўрта асрга оид шаҳар иншоотлари Тошкентнинг замонавий бинолари остида қолиб кетди. Лекин тасодиф туфайли сақланиб қолган илк шаҳар турар жойлари ёки маданий қатлами қолдиқларини топиш ва тозалашга муваффақ бўлинди. Шунингдек, VII-VIII асрнинг бошига оид сарой мажмуаси қолдиқлари бир мунча тўлиқ ўрганилди.

Суғд ва Бақтриядаги каби бошқа мулклар, чунончи, Бухоро ҳукмдорлари бухорхудотларнинг зийнатланган, деворларига нақшлар чизилган, ёғоч ўймакорлиги ва гул билан безатилган залларни ўз ичига олган саройлари сингари Чоч ҳукмдорлари саройлари ҳам дабдабали безатилган эди. У ҳакда "Шоҳнома" муалли фининг сўзлари билан шундай дейиш мумкин:

Шаҳарда бунёд бўлди энг баланд сарой,

Боғ-роғу гулзор, соя салқин жой.

Айвон деворига чизилган сурат:

Жанг, шикору шоҳлар базми келтирар ҳайрат.

Сарой кўплаб хоналар, шу жумладан, тантаналар ўтадиган хона ва кенг даҳлизлар, турар жой хоналари ва омборхоналардан ташкил топган. У ердан, олов ибодатхонаси бўлган диний мажмуа ҳам топилди. Бу иншоот тақдирнинг оғир синовларга дуч келди. Араблар истилоси вақтидаги ёнғин ва кейин қилинган қурилишлар унинг безакларини буткул йўқ қилиб юборди. Улардан қолган арзимас изларгина деворлар худди Суғддаги сингари рангоранг лавҳали расмлар билан безатилганлигини кўрсатади. Деворнинг пастки қисмидаги гулли нақш ишланган товланувчи ҳошиянинг бир қисмигина сақланиб қолган.

Шаҳристонда монументал типдаги турар жой биноларнинг айрим қисмлари ҳамда ҳунармандчилик устахоналарининг излари топилган. Шаҳар турар жойлар, ошхона ва омборлардан ташқари, қуёш меҳробига эга бўлган ибодатхоналарни ҳам ўз ичига олган. Ҳунармандлар металлга дастлабки ишлов бериш, шунингдек, иш қуроллари, металдан қимматбаҳо буюмлар ясаш, даштдан келтири ладиган чорвачилик маҳсулотлари тери, жунга ишлов бериш билан шуғулланганлар, газламалар ва жунли матолар тўқиганлар, сопол ва шиша идишлар, ярим қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмла ри тайёрлаганлар. Шаҳарликларнинг бир қисми савдо сотиқ билан шуғулланган. Чоч пойтахти гавжум савдо маркази бўлган. Ғарбда Византиядан тортиб шарқда Хитойгача бўлган турли давлатлардан келтирилган буюмлар, маҳаллий ва чет элларда зарб қилинган тангаларнинг Тошкентда топилиши ана шундан далолат беради.

Чоч пойтахтининг VII аср ва VIII аср бошида ривожланишининг характерли белгиларидан бири, атрофдаги аҳолиси зич бўлган қишлоқ даҳаларнинг шаҳарга қўшилиши бўлди. Бу даҳалар кўплаб ариқлардан сув ичган. Шаҳар атрофлари эркин жамоачилар манзилгоҳлари, қасрлар ва бадавлат ер эгалари деҳқонларнинг чорбоғлари, вақф хўжаликлари, қабристонлар, савдо йўлларидаги кичик шаҳарчалар ҳисобига гавжумлашган эди. Микровоҳа четида, айниқса, даштга қараган томонида мудофаа чегара истеҳкомлари қад ростлади.

Чочнинг илк ўрта аср пойтахтидаги ҳамма даҳалари ҳозирги Тошкент ҳудудига кирган. Уларда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижаси шаҳар ҳаёти ҳақида кўпдан кўп маълумотлар беради. Жамиятнинг табақаланиши юзага келди, улар орасида зодагонлар қатлами бой деҳқонлар ажралиб турарди. Бу тарихий топографияда ўз аксини топган. Чоч пойтахти даҳаларига хос белги пишиқ пухта қурилган кўп қаватли кўшк қасрлар, деҳқон ер эгаларининг сулолавий турар жойлари бўлиб қолди. Уларнинг деворлари ташқарисида жамоачилар ва тобе одамларнинг бошпаналари пайдо бўлди. Қасрлар одатда каналларнинг бошланиш жойида тикланган бўлиб, уларнинг эгалари сув тақсимланишини назорат қилиб турарди. Ана шундай қасрларнинг баъзиларига ҳунармандлар, савдогарлар ўрнашишлари натижасида кичик шаҳарчалар юзага келган.

Чоч пойтахти даҳаларидан бири бўлган Юнусобод Оқтепаси кенг манзилгоҳли қалъага мисол бўла олади. Маълум бўлишича, бу ҳукмдорнинг шаҳардан ташқаридаги сарой қароргоҳи эди. Қалъа кенг ҳовли ҳамда жанубий кисмдаги асосий иморат кўшкни ўз ичига олган. Кўшкда олиб борилган қазиш ишлари милодий V аср - VIII асрнинг биринчи ярмига оид хом ғишт ва пахсадан қурилган, тасодифан сақланиб қолган меъморий иншоотни аниқлаб берди. Иккинчи қаватда катта хона бўлиб, унинг девори нақшлар билан безатилган. Қаср этагида, девор билан ўралган жойда учта хона ва кенг йўлаклари бўлган сарой биноси қолдиқлари топилди. Бино ички қисми хом сувоқ устидан чизилган хилма-хил нақшлар билан безатилган ва деворлар қизил сувоқ қилинган. Марказий бино тахт ўрнатилган зал ҳисобланади. Ушбу хонага кираверишнинг рўпарасидаги устунлар билан кўтарилган гулдор қимматбаҳо чодир остига қачонлардир тахт ўрнатилган.

Ибодат амаллари бажариладиган иншоотларнинг ўзига хос хусусияти тўғрисида хулоса чиқаришга пойтахтдан тахминан 7 км узоқликда жойлашган Чилонзор Октепасида топилган мажмуа асос бўла олади. Ибодатхоналар ташқи қиёфасига кўра қасрлардан фарқ қилмаган. Улар ҳам туйнукли миноралар ва қалин деворлар билан яхши мустаҳкамланган. Милодий V-VI асрларда бу ибодатхона қасрда сиғиниш учун муқаддас олов ёқилган. Демак, Оқтепадаги мажмуани зардуштийларнинг олов ибодатхоналари турига киритиш мумкин, VII-VIII асрларда ибодатхона биноси қайта қурилган ҳамда 9 метр баландликдаги саҳнда бунёд этилган очиқ иншоотга айлантирилган. Бу бино токчалари бўлган девор билан ўралган, токчаларни ибодат қилиш жойи деб тахмин қилиш мумкин. Бу одатнинг зардуштийлик урф одатлари сингари Чочда ҳам мавжуд бўлганлигини кўрсатади. Чочдаги шунга ўхшаш ибодатхонада хукмдорнинг аждодларига бағишлаб қурбонликлар қилинганлиги тўғрисида хитой манбаларида маълумот келтирилган.

Чоч аҳолиси таркиби ҳар хил қабилалардан ташкил топган. Бу шу ҳудуддаги дафн маросимлари турлича ўтказилишида ўз аксини топган. Марҳумлар ер остидаги сағанага ҳам, қўрғонлар остига ҳам қурол-яроғ, зеб-зийнатлар, нариги дунёда овқатланиш учун идиш товоқлар билан бирга дафн этилган. Зардуштийлик дини VI-VII асрлардан бошлаб кенг тарқалганлиги тозаланган суякларни лойдан ясалган чўзинчок шаклдаги, қопкоқли қутичалар оссуарийларда дафн этиш расм русумида ифодасини топади. Идиш деворлари ўйма нақшлар билан, юқори қисми эса қўйлар, қушларнинг ҳайкаллари ва инсон қиёфалари билан безатилган оссуарийларни тайёрлаш Чочда ҳунармандчилик ва санъатнинг ўзига хос тури бўлиб қолган.

Бундан ташқари, Чоч шаҳар ва қишлоқлари аҳолиси Буюк ипак йўли орқали олиб келинган динлар христианлик, буддавийлик, монийлик билан таниш бўлганлар. Бағрикенглик ва ҳар хил динларнинг тинч тотув амал қилиши, Чочдаги турли халқларнинг биргаликда яшашига муҳим омил бўлган.

Бу даврда Чоч пойтахтининг гуллаб яшнаши, аввало, унинг маъмурий, диний, ҳарбий сиёсий, ҳунармандчилик ва савдо маркази сифатида ривожланганлигини англатарди. Шаҳар йирик маданий марказ ҳам эди. Чочда санъатнинг бир неча турлари бўйича алохида мактаблар вужудга келди. Пойтахтдаги саройлар ва бой бадавлат одамларнинг уйларининг ички деворларига нақш солувчи усталар ишлаган. Нишонлар ясаш санъати, шунингдек, босма портрет учун қолиплар тайёрлаш ҳам юксак даражага кўтарилди. Бунга ҳокимларнинг тангалари ва сопол тахтачалардаги ўзига хос белгилар, туширилган тасвирлар яққол гувоҳлик беради. Тошкент ҳофизлари, созанда ва раққослари довруғи узоқ-узокларга ёйилди. Чочда рақс санъатининг ўзига хос усули ва мароми яратилган, у ҳатто Хитой сингари олис мамлакатларда хам машҳур бўлган. Чочлик ўғил болалар ижросидаги ғоят серҳаракат рақс шуҳрат қозонганди ва Хитойда бу "хутенью" (учиб чиқмоқ, от чоптириб яқинига бормоқ) деб аталган. Тошкентдан Хитойга олиб борилган яна бир рақсни "чжечжи" "Чоч рақси" деб атаганлар. Бу рақс дастлаб бир, сўнггида эса беш ракқос томонидан ижро этилган, улар калта камзул кийиб, кумуш белбоғ боғлаб ўйнаганлар, бошларига эса учли қалпоқ кийганлар, қалпоқнинг эгилган учига қўнғироқчалар осиб қўйишган. Чочнинг ўзига хос рақслари раққоса қизлар томонидан ҳам ижро этилган. Раққосаларнинг ҳаракатларига қараб бу рақснинг диний маросимда ижро қилиниши, у ҳосилдорлик худосига бағишланганлиги ҳақида сўз юритиш мумкин эди.

Чочда расмий тил суғд тили бўлиб, турк ҳоқонлари ва Чоч ҳукмдорларининг лавозимлари ва номлари тангаларга суғд ёзувида зарб қилинарди. VII-VIII асрларда Турк хоқони ҳам, Чоч ҳукмдорлари ҳам қўшни давлатлар билан суғд тилида расмий ёзишмалар айир бошлашган. Шу билан бирга, туркий муҳит ва туркий тилнинг аҳамияти ортиб борган. Ёзма манбаларга қараганда, чочликларнинг қиёфаси Суғд ва Фарғона аҳолисига ўхшаш бўлган, чочликлар жанговарлиги ва эрксеварлиги билан ажралиб турганлар.

Чоч, Мовароуннахрнинг чекка вилояти бўлгани учун араблар уни нисбатан кейинроқ истило қилиб, Араб халифалигига қўшиб олган. 651 йил араблар Ўрта Осиё жанубида Марвни кейинги истилочилик юришлари учун таянч нуқта қилиб олгач, айнан мана шу ердан маҳаллий аҳоли орасида исломни фаол тарғиб қилиш бошланди. IX аср араб тарихчиси Балазури маълум килишича, Жайхун Амударё орқали кечиб ўтиб Мовароуннаҳрда намоз ўқиган биринчи лашкарбоши Ал Ҳаким бин Амр ал Ғифорий бўлган. Бу воқеа 667 йилда юз берган, деб ҳисобланади. Марвда ўзининг эътиқодини ёйиш билан шуғуллана бошлаган иккинчи таниқли асҳоб Хуросонга 671 йилда келган Бурайда бин ал Ҳусайб ал Асломий эди. У 622 йил Муҳаммад алайхиссалом Ясриб (Мадина)га ҳижрат килган вақтда исломни қабул қилган ва пайғамбарнинг ўзи уни машриққа боражагини башорат қилган екан. Нақлга кўра, Бурайда VII асрнинг 70-йилларида Сайхун (Сирдарё) ортига илк бор юриш қилиб, бу ерда намоз ўқиган. Унинг Марв яқинида жойлашган қабридаги ёзувга кўра, у "турклар мамлакатига келган ва одамларни нотўғри йўлдан ва кўп худоликдан қайтарган". сўнг Марвга қайтиб келган. Маълумки, у бу шаҳарда 681 (683) йилда вафот этган ва ал Ғифорий ёнига дафн этилган.

Арабларнинг Чочга қилган қатор юришлари натижасида унинг шаҳарлари, биринчи навбатда пойтахти вайрон бўлди ва хувиллаб колди. Етказилган талафот ўнглаб бўлмас даражада эди. IХ-Х асрларда яшаган араб тарихчиси Табарий "кўп қишлоқлар ёқиб юборилган эди", деб бежиз таъкидламаган. Вайронгарчиликлар ва ёнғинлардан қолган манзара Мингўрикдаги расмий саройни тадқиқ қилиш чоғида ҳам, Чоч ҳукмдорларининг шаҳардан ташқари Юнусобод Оқтепасидаги қароргоҳида ҳам аниқланган. Табарийнинг ёзишича, ўша вақтда суғориш тармоғи бузиб ташланиб, пойтахтни сув билан таъминлаб турган ариқ кўмиб юборилган. Бу ҳол шаҳарликларнинг хўжалик ҳаётига катта зарар етказган.

Вайрон бўлган, ариқдан маҳрум этилган пойтахт шу бўйи қайта тикланмади. Натижада бир маҳаллар катта ҳудудни эгаллаган шаҳар ўрнида кичкинагина аҳоли манзили қолади.


Печать 24 Июль 2014 Ўқилди: 2224




Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
Сайтда фойдаланувчилар сони: 88
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони
Тоифа Сони
Қабул қилинган 313
Ижрода 14
Ижроси таъминланган 299

ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!

Ишонч телефон

(+9989 71) 268-94-04

(+9989 71) 268-07-07

Девонхона

(+9989 71) 267-58-82

Шикоятлар бўлими

(+9989 71) 267-58-82

Факс

(+9989 71) 268-07-07

 

 

Хабар қолдиринг
  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар